• ru
  • en
  • uz

Ҳурматли темирйўлчилар! 

Қадрли дўстлар!

Аввало, сиз, азизларни – минг-минглаб заҳматкаш йўлсоз ва локомотивчилар, қурувчи ва муҳандислар, энергетик ва алоқачилар, машинист ва вагон кузатувчиларини, соҳанинг барча ишчи-хизматчилари ва фахрийларини бугунги касб байрамингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан барпо этилаётган янги темир йўл ва коммуникация тармоқлари, станция ва вокзаллар, аҳоли ва ташкилотларга кўрсатилаётган хизматлар халқимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш, мамлакатимиз транзит салоҳиятини ошириш, иқтисодиётимиз тармоқлари ва ижтимоий объектларнинг бир маромда ишлашини таъминлашда, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамиятга эга. 

Ушбу қутлуғ айёмда туну кун самарали меҳнат қилиб, ана шундай масъулиятли соҳа равнақига муносиб ҳисса қўшаётган кўпмиллатли темир йўл жамоаларига, тизимдаги барча хизматчи ва ходимларга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.  

Ҳурматли темирйўлчилар!     

Сўнгги йилларда миллий тараққиёт дастурларини амалга ошириш жараёнида мамлакатимизнинг таранспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятини оширишга устувор аҳамият бераётганимиз сизларга яхши маълум. Шу борадаги кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон темир йўллари фаолияти тубдан такомиллаштирилиб, соҳада муҳим лойиҳа ва дастурлар ҳаётга жорий этилаётганини мамнуният билан таъкидлаш лозим. Қисқа муддатда 3 минг 800 километрдан зиёд темир йўл электрлаштирилиб, Бухоро – Урганч – Хива темир йўли қуриб битказилгани, локомотив парки замонавий тепловоз, электровоз ва электричкалар билан тўлдириб борилаётгани шу йўналишдаги ишларимиз кўламидан далолат беради.

Энг муҳими, бундай саъй-ҳаракатларимиз узвий ва давомли бўлиб, бунинг тасдиғини Тошкент – Урганч – Хива йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган электр поездлар қатновини йўлга қўйиш, Мискин – Нукус темир йўл тармоғини электрлаштириш, Тошкент – Бухоро – Хива ҳамда Тошкент – Чирчиқ – Ҳожикент йўналишларида қурилиш жараёнлари жадаллик билан олиб борилаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Бундан ташқари, бу йил аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш, туризмни ривожлантириш мақсадида Самарқанд шаҳридан Ургут шаҳрига, Тошкент вилоятидаги Байтқўрғон станциясидан Паркент туманига темир йўл тармоғини тортиб бориш ишлари бошланди. Шунингдек, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича йирик халқаро лойиҳага старт берилгани нафақат мамлакатимиз, балки минтақамиз келажаги учун ҳам муҳим воқеа бўлди. 

Қадрли соҳа ходимлари!

Бугунги кунда темир йўл транспортини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар тури ва ҳажмини кўпайтириш, уларнинг сифатини ошириш, муҳим замонавий коммуникация объектларини барпо этиш бўйича ҳали олдимизда улкан вазифалар турганини, Янги Ўзбекистонга ҳозирги давр талабларига жавоб берадиган қудратли темир йўл саноати, темир йўл тармоқлари ва хизматлари зарурлигини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз.

Тарихимизда илгари кўрилмаган бундай улуғвор ва масъулиятли вазифаларни амалга оширишда биз аввало чуқур билим ва катта меҳнат тажрибасига эга бўлган, ўз иши ва касбини чин дилдан севадиган, бутун умрини элга хизмат қилишдек олижаноб ишга бағишлаб келаётган сиз, жонкуяр ва заҳматкаш темирйўлчиларимизга таянамиз. 

Аминманки, сизлар халқимизнинг ана шундай юксак ишончидан куч ва илҳом олган ҳолда, янада самарали меҳнат қилиб, соҳа тараққиётини албатта янги босқичга олиб чиқасиз.  

Айни вақтда ушбу тармоқ ривожи учун янада қулай шароитларни яратиш, сизларнинг шарафли ва машаққатли меҳнатингизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибор марказида бўлишини алоҳида қайд этмоқчиман.

Сиз, азизларни касб байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва бахту саодат, серқирра фаолиятингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

“O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” AJ matbuot xizmati